Халқ таълими вазирининг 2017 йил
30 мартдаги 98-сонли буйруғига
2-илова

 

 

“Энг яхши дарс ишланмаси” кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ

 

Ушбу Низом халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган умумий ўрта таълим муассасалари, жисмоний ва психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар (мактаблар), айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаблар (мактаб-интернатлар), “Меҳрибонлик уйлари” педагог ходимлари ўртасида “Энг яхши дарс ишланмаси” кўрик-танлови (кейинги ўринларда танлов деб юритилади)ни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

 

I-боб. Умумий қоидалар

 

1. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш “Энг яхши дарс ишланмаси” кўрик- танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика ташкилий қўмитаси (бундан буён матнда Республика ташкилий қўмитаси деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

 

2. Танлов Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайти (http://uzedu.uz/)да очилган махсус веб-саҳифа (http://tanlov.uzedu.uz/) ва ахборот-таълим портали орқали ташкил этилади.

 

3. Танлов умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув режасидаги барча фанлар бўйича ўтказилади.

 

II-боб. Танловнинг мақсади

 

4. Танловнинг асосий мақсади тизимдаги юқори малакали педагогларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, инновацион фаолиятга йўналтириш, ўз ижоди ва маҳоратини намойиш этиши учун соғлом рақобат ва ижодкорлик муҳитини яратиш, таълим веб-сайтлари, ахборот-таълим порталини фанлар кесимида намунали дарс ишланмалар билан тўлдириш, дарс ишланмаларининг электрон банкини яратишдан иборат.

 

III-боб. Танловнинг вазифалари

 

5. Танловнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

педагогларнинг касбий компетентлигини ривожлантириш орқали таълим самарадорлигини ошириш;

педагогларда Интернет тармоғи билан ишлаш малакаларини ривожлантириш, таълим-тарбия жараёнида қўлланиладиган самарали методларни аниқлаш;

педагогларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштириш;

дарс ишланмалари электрон банкини шакллантириш.

 

IV-боб. Танловда иштирок этиш

 

6. Танловда иштирок этиш учун дарс ишланмалари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Интериет тармоғидаги расмий веб-сайтида очилган махсус веб-саҳифа (http://tanlov.uzedu.uz/) орқали “мактаб кабинети”га кириш йўли билан онлайн тарзда юборилади.

 

7. Танловда халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларининг педагоглари фақат якка ҳолда иштирок этишлари мумкин, иштирокчиларнинг ёши ва иш стажи чегараланмаган.

 

8. Танловда қатнашиш ихтиёрий бўлиб, бепул амалга оширилади.

 

9. Халқ таълими вазирлигининг автоматлашган тизимидан рўйхатдан ўтмаган педагоглар танловда иштирок эта олмайди.

 

V-боб. Танловни ўтказиш вақти ва тартиби

 

10. Танлов вазирликнинг расмий веб-сайги ва ахборот-таълим портали орқали қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

 

10.1. Танловнинг биринчи босқичи Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари даражасида ўтказилади.

 

Танловда иштирок этиш истагини билдирган педагоглар ўз дарс ишланмаларини ҳар йили 3 апрелдан 18 апрель куни соат 24:00 га қадар онлайн тарзда Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайтида очилган махсус веб-саҳифа (http://tanlov.uzedu.uz/) орқали “мактаб кабинети”га кириш йўли билан киритади. Ҳар йили 18 апрель куни соат 24:00 да автоматик равишда дастур ёпилади ва дарс ишланмаларини қабул қилиш тўхтатилади.

 

Биринчи босқичга келиб тушган дарс ишланмаларини кўриб чиқиш, холис ва адолатли баҳолаш учун ҳар йили 15 апрелга қадар ҳар бир фан бўйича тажрибали педагоглар, фан методистлари, ҳудудий халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларидан иборат худудий ҳакамлар ҳайъати таркиби тузилади ҳамда Республика ташкилий қўмитаси томонидан тасдиқланади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларида тузилган ҳудудий ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар йили 19 апрель куни соат 9-00 дан 8 май куни соат 18-00 га қадар иштирокчиларнинг дарс ишланмалари веб-сайт орқали онлайн баҳоланади. Ҳудудий ҳакамлар ҳайъати томонидан онлайн баҳолаш учун Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази томонидан ҳар бир ҳакамга логин-пароль берилади. Мазкур логин-пароль орқали ҳакамлар фақат ўз ҳудудлари бўйича танловга келиб тушган дарс ишланмаларини кўриш учун кириш, баҳолаш ва чиқиш имкониятига эга бўлади.

 

Ҳудудий ҳакамлар ҳайъати томонидан дарс ишланмаларини баҳолаш мазкур Низомнинг VIII бобида белгиланган баҳолаш мезонлари асосида амалга оширилади. Ҳар бир йўналиш бўйича бириктирилган ҳакамлар ҳайъати аъзоси ўзига гуруҳ шакллантириш орқали баҳолашни ташкил этиши мумкин. Бу ҳолатда баҳолаш натижалари фақат бириктирилган ҳакамлар ҳайъати аъзоси номидан киритилади ва ҳакамлар ҳайъати аъзоси баҳолашнинг адолатли бўлишини таъминлайди.

 

Биринчи босқичга келиб тушган дарс ишланмаларини баҳолаш якунланганидан сўнг, ҳудудий ҳакамлар ҳайъати қарори билан ҳар бир фан йўналишидан энг юқори балл тўплаган 5 нафардан биринчи босқич ғолибларининг рўйхати тасдиқланиб, умумий битта баённомага киритилади Республика ташкилий қўмитасига ҳар йили 10 май куни соат 18-00 га қадар тақдим этилади.

 

Агар ҳудудий ҳакамлар ҳайъати томонидан баённома ва биринчи босқич ғолиблари рўйхати Республика ташкилий қўмитасига белгиланган муддатда тақдим этилмаса, ўша ҳудуднинг барча фан йўналишлари бўйича дарс ишланмалари баҳоланмайди.

 

Биринчи босқич ғолибларига улар биринчи босқичда ғолиб бўлиб, танловнинг иккинчи босқичига ўтганликлари ҳақида мактаб кабинети орқали хабар берилади.

 

Биринчи босқич ғолибларининг биринчи босқич тўплаган баллари иккинчи босқичда инобатга олинмайди.

 

10.2. Танловнинг иккинчи босқичи республика миқёсида ташкил этилади

 

Иккинчи босқич ишларини кўриб чиқиш ва баҳолаш ҳар йили 12 май соат 9-00 дан 17 май куни соат 18-00 га қадар сайт орқали амалга оширилади.

 

Танловнинг иккинчи босқичини холис ва адолатли ўтказиш мақсадида танловнинг биринчи босқичида ҳудудий ҳакамлар ҳайъати таркибида иштирок этган ходимларга бошқа ҳудудлардан келиб тушган ва ўша ҳудудларнинг ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир фан йўналишидан танлаб олинган 5 нафардан, жами 13 та ҳудуддан 65 нафар педагогларнинг ишлари баҳоланади.

 

Ҳудудий ҳакамлар ҳайъати томонидан иккинчи босқичга ўтган дарс ишланмаларини баҳолаш мазкур Низомнинг VIII бобида белгиланган баҳолаш мезонлари асосида амалга оширилади. Ҳар бир йўналиш бўйича бириктирилган ҳакамлар ҳайъати аъзоси ўзига гуруҳ шакллантириб баҳолашни ташкил этиши мумкин. Бу ҳолатда баҳолаш натижалари фақат бириктирилган ҳакамлар ҳайъати аъзоси номидан киритилади ва ҳакамлар ҳайъати аъзоси баҳолашнинг адолатли бўлишини таъминлайди.

 

Ҳудудий ҳакамлар ҳайъати томонидан онлайн баҳолаш учун Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази томонидан ҳар бир ҳакамга логин-пароль берилади. Мазкур логин-пароль оркали ҳакамлар фақат бошқа ҳудудлардан (ўз ҳудудидан ташқари) ғолиб сифатида белгилаб берилган дарс ишланмаларини кўриш учун кириш, баҳолаш ва чиқиш имкониятига эга бўлади.

 

Иккинчи босқич якунида босқичнинг баҳолаш жараёнида ҳар бир ҳудудий ҳакамлар ҳайъати аъзоси томонидан дарс ишланмасига қўйилган баллар дастур томонидан автоматик равишда умумлаштирилиб, ўртача балл чиқарилади.

 

Бунда дарс ишланмасининг биринчи босқичда олган баллари иккинчи босқичда инобатга олинмайди, иккинчи босқичнинг умумий ўртача бали қолган 13 та ҳудудий ҳакамлар томонидан қўйилган баллар асосида чиқарилади.

 

10.3. Иккинчи босқич натижасида 14 та ҳудуддан тақдим этилган, ўқув режасидаги ҳар бир фандан энг юқори балл олган дарс ишланмаларидан 3 нафардан ғолиблар аниқланиб, танлов ғолиби деб эълон қилинади.

 

VI-боб. Танлов шартлари

 

11. Танлов жараёнида қуйидаги шартларга амал қилинади:

 

Танловда иштирокчи ўзи томонидан яратилган, 40-45 дақиқали фақат битта фандан дарс ишланмаси билан қатнашиши мумкин;

 

иштирокчи томонидан 2 ёки ундап ортиқ дарс ишланмалари такдим этилган бўлса, ҳеч қайси дарс ишланмаси баҳоланмайди;

 

иштирокчилар томонидан тақдим этилган дарс ишланмаси Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурига мос, олдин турли манбаларда нашр этилмаган, муаллифлик ҳуқуқини бузмаган бўлиши шарт;

 

иштирокчиларнинг ғолиб бўлмаган дарс ишланмалари тақриз қилинмайди;

 

иштирокчилар дарс ишланмасида кўрсатилган адабий ва иллюстратив материалларни қаердан олганлигини кўрсагиб ўтиши лозим;

 

танловга тақдим этилган материаллар қандай манбалардан олинганлиги ўрганиб чиқилиши мумкин.

 

VII-боб. Танловга тақдим этиладиган дарс ишланмаларига
қўйилган техник талаблар

 

12. Танлов материаллари электрон шаклда MS Word (2003) матн муҳарририда, Times New Roman шрифтида, кегль-14, ҳошия ўлчовлари: чап томони 2 см, қолган томонлари 1,5 см бўлган, 1,5 интервалда, 6 бетдан (титул варағи бунга кирмайди) ва умумий ҳажми 50 Мб дан ошмаган ҳолда, ўзбек ва рус тилларида (чет тилларни ўқитишга оид берилган дарс ишланмалари инглиз, немис, француз тилларида), электрон вариантда тақдим этилади;

 

тақдим этилган дарс ишланмасида фойдаланилган манбалар рўйхати аниқ кўрсатилган бўлиши, улар оммавий ахборот воситаларида чоп этилган дарс ишланмаларидан кўчириб олинмаслиги шарт.

 

13. Титул варағида:

 

иштирокчининг фамилияси, исми, шарифи, иш жойи, лавозими, туман (шахар), вилояти;

 

фаннинг номи, синфи, дарс ишланмасининг мавзуси, ўқувчилар сони (тақдим этилаётган дарс ишланмаси синфда қанча ўқувчига мўлжалланганлиги);

 

иштирокчининг электрон почта манзили (электрон почта манзили UZ домен зонасида очилган бўлиши лозим) кўрсатилади.

 

14. Тақдим этилган дарс ишланмасининг биринчи бетида қисқача аннотацияси ёзиб қўйилади;

фойдаланилган адабиётлар, интернет ресурсларининг манзиллари дарс ишланмасининг охирида кўрсатилади.

 

15. Дарс ишланмасига дарс жараёнида фойдаланиладиган кўргазмали материаллар ҳам илова қилиниши мумкин. Тақдимотлар, мультимедиа иловалари алоҳида файлда юборилади;

танловга юборилаётган дарс ишланмалар архивланиб, архивга иштирокчининг фамилияси ва исми ёзилган ҳолда юборилади (архив формати: zip ёки rar).

 

VIII-боб. Баҳолаш мезонлари

 

Т/Р

Баҳолаш мезонлари

Қўйиладиган балл

1.

Ўқув дастури асосида дарс мақсадларииинг тўғри қўйилганлиги

1-6 балл

2.

Ўқув дастури асосида дарс шакли ва турини тўғри танланганлиги

1-8 балл

3.

Дарс босқичларини тўғри мантиқий изчилликда баён этилганлиги

1-8 балл

4.

Дарс ишланмасидаги тушунчаларнинг ўқувчилар эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма, малака, компетенциявий ёндашув асосида маълумотларнинг янгилиги ва долзарблиги

1-8 балл

5.

Дарс ишланмаси мазмунининг мантиқий изчилликда баён этилганлиги, аниқлиги, саводхонлиги

1-10 балл

6.

Дарс ишланмасининг тарбиявий ва ижтимоий-педагогик аҳамияти

1-10 балл

7.

Дарс ишланмасининг баён этилишида илғор педагогик технология элементлари, методлардан ўринли фойдаланилганлиги, уларнинг аниқ ёритиб берилганлиги

1-10 балл

8.

Ўқувчиларга берилган барча турдаги топшириқлар ва уйга вазифанинг дарс мақсади ва вазифасига мослиги

1-10 балл

9.

Дарс ишланмасининг методик янгилиги, ундан фойдаланишнинг қулайлиги, таълим-тарбия жараёнига компетенциявий ёндашув асосида тузилганлиги

1-10 балл

10.

Дарс босқичларида кўргазмали ва ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланилганлиги

1-10 балл

11.

Қўшимча табиий ва техник воситалардан электрон ахборот-таълим ресурсларидан фойдаланишнинг асосланганлиги

1-10 балл

Жами

100 балл

 

IХ-боб. Танлов якуни ва ғолибларни рағбатлантириш

 

16. Танловнинг якуний натижалари 20 майга қадар эълон қилинади.

Танлов натижалари тўғрисида маълумотлар http://tanlov.uzedu.uz/ веб-сайти ва http://eduportal.uz/ ахборот-таълим портали ҳамда “Маърифат”, “Учитель Узбекистана” газеталари орқали эълон қилинади.

 

17. Танлов натижасида ўқув режадаги ҳар бир фандан энг юқори балл олган 3 нафардан ғолиблар аниқланади ва 1-, 2-, 3-даражали дипломлар билан тақдирланади.

 

18. Танлов натижасида фанлар бўйича танлов ғолиби деб топилган муаллифлар ҳақидаги маълумотлар ва уларнинг дарс ишланмалари Халқ таълими вазирлигининг http://uzedu.uz/ расмий веб-сайти ва http://eduportal.uz/ ахборот-таълим порталига жойлаштирилади.

 


Manba:
Kiritilgan vaqt: 01.04.2017


"Eng yaxshi dars ishlanma" ko'rik tanlovining natijalari
©2014-2017 O'zbekiston Respublikasi Xalq ta'limi vazirligining yagona interaktiv davlat xizmatlari portali